Бизнес сирлари: ишини бошлаётган тадбиркор нимани ёддан чиқармаслиги керак

Бизнес сирлари: ишини бошлаётган тадбиркор нимани ёддан чиқармаслиги керак

Бозорни қандай баҳолаш, инвесторларни топиш ва мушкул вазиятларга тайёргарлик кўриш керак? Бу саволларга жавоб исталган стартап асосчисига қўл келиши аниқ.

Стартапларни қандай қилиб тўғри ишга тушириш ва ривожлантириб бориш ҳақида жуда кўп китоблар ёзилган. Бу китобларда “қандай тўғри қилиш керак” мавзусидаги мураккаб бўлмаган, мушкул ёки жуда ҳам “ноёб” вариантлар келтирилади. Шу билан бирга, аввалдан ғалабага элтувчи ва жуда аниқ йўриқномалар ҳеч қаерда йўқдир. Исталган муваффақиятли лойиҳа ёки компания бошқалардан фарқли бўлган “ўзининг ҳаёти” билан яшайди. Омадсизлик тарихи эса бир-бирига жуда ўхшаш.

Қуйида келтириладиган маслаҳатларнинг аксарияти таниш бўлиб кўриниши мумкин, бироқ агарда бу матн ҳеч бўлмаса 2-3 инсонга оддий хатоларни қилмасликка ёрдам берса, демак вақтимиз ва сизнинг вақтингизни бекорга сарфламаган бўламиз.

Қийинчиликларга тайёргарлик кўринг

Илк стартапи ҳақида ўйлаётганларга шуни айтмоқчимизки, сиз бу қарор билан ўзингизни, кўп ҳолатларда эса яқинларингизни ҳам, бир неча йиллик ҳам моддий, ҳам руҳий қийинчиликларга дучор қиласиз: тартибсиз иш куни, кичик маош, доимий стресс ва ноаниқлик ҳисси. Албатта, омон қолганларни финалда ажойиб ғалаба кутмоқда. Балки, айнан шунинг учун ҳам бу ўйинни ўйнаб кўрган маъқулдир. Бироқ, бу соҳага кирган одам шуни тушуниши керак-ки, ўзгалар томонидан аниқ белгилаб берилган қоидаларга кўр-кўрона риоя этиш муваффақиятни кафолатламайди. Бажармаслик эса, катта эҳтимол билан, муваффақиятсизлик ва афсусларга олиб келади.

Муаммони аниқлаштириб олинг

Коднинг биринчи қаторини ёзишдан ёки илк прототипни яратишдан аввал бир нарсани аниқлаштириб олинг – сиз бўлажак фойдаланувчи ёки мижознинг ҳаётини айнан нима билан енгиллаштирмоқчисиз. “Сизнинг маҳсулотингиз нима беради”, деган саволга жавобни бир гап билан билдира олинг. Агарда бундай жавоб қисқача кўринишга келмаётган, кўплаб ҳозирги нусхалар тилга олинган ҳолда таъриф беришга мажбур бўлаётган бўлсангиз, ўтиринг ва ўйлаб кўринг – балки, эътиборни анча қисқартириш керакдир.

Бозорни баҳоланг

Сиз маҳсулотни айнан кимларга мўлжаллаганингиз, бу аудитория нақадар катта экани ва уни қаердан топиш мумкинлигини тушуниш муҳим. Таҳлилларни ўқиб кўринг, статистика ва соҳангиз бўйича маркетинг тадқиқотларини ўрганинг. Шуни эътиборга олингки, бозорнинг 100 фоизига даъвогарлик қилиш жиддий нарса эмас. Ҳаттоки 20 фоизи ҳам жуда кўпдир. Айтайлик, 5 йилдан сўнг 2 фоиз билан бошланг. Катта эҳтимол билан, шунча фоизни қўлга кирита олмайсиз, бироқ бундай прогноз сизнинг тахминингизга ҳеч бўлмаса реал кўриниш беради.

Рақобатчиларни ўрганинг

Жиддий таҳлил қилинг – сизга қадар ёки сиз билан бир вақтда ўша муаммони ким ҳал қилишга уринган ёки уринмоқда. “Бизда рақобатчилар йўқ” ибораси – сизнинг соддалигингиздан далолат. Ҳаттоки, сиз ўйлаб топган нарсага ўхшаш ҳеч нарса бўлмаса ҳам – ундан яхшироғини қидиринг. Қуйидаги саволни аниқ тузинг ва жавобини тайёрлаб қўйинг: “Менинг маҳсулотим ҳозир фойдаланаётганимдан қанчалик яхши?”.

Шерикни танланг

Лойиҳани бир ўзингиз бошламанг. Ғоянгизга катта қизиқиш билдирадиган, фикрлари сизга яқин бўлган ёки, аксинча, сизни тўлдириб турадиган одамларни қидиринг. Яхши, самарали шериклар бир-бирини нафақат кўникмалар билан, балки феъли билан ҳам тўлдириб туради. Бу шундай инсон бўлиши керакки, у билан кўп йиллар давомида аксарият вақтингизни ўтказишга тайёр бўлишингиз лозим. Ёдда тутинг, бизнес бўйича шерик билан ажралиб кетиш кўп ҳолатларда эр ёки хотин билан, ҳаттоки оила қуриш бўйича шартномага эга бўлган ҳолда ҳам ажрашишдан анча мураккаброқдир. Статистикага кўра, шериклар ўртасидаги қарама-қаршилик – янги, жуда яхши лойиҳаларнинг “кўмилишига” асосий сабабдир.

Инвесторни жалб этинг

Лойиҳани ўз пулингизга бошлаганингиз маъқул. Ёки – қариндошлар ва дўстларнинг маблағига. Бироқ эртами ёки кеч, агарда лойиҳа биринчи ярим йил-бир йил ичида муваффақиятсизликка юз тутмаса, ташқи сармояларни жалб этишга тўғри келади. Инвесторни шерикнинг бир кўриниши сифатида қабул қилинг: у билан узоқ вақт бўлишга мажбурсиз. Сиз кимдан ва нима учун пул олаётганингизни диққат билан таҳлил қилинг. Сармоядорлар турли хил бўлади. Агарда танлов бўлса, лойиҳага пуллардан ташқари таъсисчи-шериклар эга бўлмаган нарсани – масалан, фойдали танишлар ёки бошқа ресурслари бор одамни танлаганингиз маъқул. Танлов йўқ бўлса, ўзингизни компания ривожининг турли сценарийларида қандай тутишингизни режалаштиринг. Сармоядор билан ишончли ва тенг ҳуқуқли муносабатларни йўлга қўйиш – махсус вазифа бўлиб, уни жиддийлик билан, максимал дипломатик тарзда ҳал қилиш керак.

Мижозни яхши кўринг

Биринчи сотувлар ёки лойиҳани татбиқ этиш – лойиҳа муваффақиятида муҳим омил. Сизнинг ишланмаларингиздан фойдаланадиганлар билан мулоқот учун исталган имкониятларни топишга ҳаракат қилинг. Оддий нарсани ўзлаштиринг: сизга лойиҳа яратувчиси сифатида тушунарли бўлган нарса, бошқаларга умуман ёқмаслиги ва тушунарсиз бўлиши мумкин. Ўзингизнинг одатларингизни бошқаларга ўтказишга уринманг. Истеъмолчиларни диққат билан тингланг, у сизнинг маҳсулотингиздан фойдаланаётганда қандай муаммоларга дуч келаётганини тушунишга ҳаракат қилинг. Мижозга ақл ўргатишга ҳам ҳаракат қилманг. Ҳатто энг инқилобий қарор ҳам тўғри, кўп ҳолатларда узоқ ва босқичма-босқичли маркетингни талаб қилади.

Муваффақиятлар ҳақида гапиринг

Ўз муваффақиятларингиз ҳақида гапиришга уялманг. Пиар – маркетингнинг муҳим қисми. Ижтимоий тармоқлар, матбуот, телевидение билан ишланг. Бугунги кунда муваффақиятли стартаплар ҳақида ҳамма ёзиш ва гапиришга тайёр, тўғри жойни танлаш ҳамда яхшилаб ўйланган стратегияга амалга қилиш ўта муҳимдир.

Муваффақиятсизликлардан қўрқманг

Ҳаммаси ҳам биринчи уринишда содир бўлмайди. Ҳаттоки энг муваффақиятли тадбиркорлар ҳам бир неча марта бошидан бошлашган. Омадсизликни кейинги лойиҳа муваффақияти учун ўзига хос майдонча сифатида қўллай билиш – жуда муҳим жиҳатдир. Шу билан бирга, мақсадга эришиш йўлидаги қайсарликни хатоларни тан олмаслик бўйича ўжарликдан ажрата билинг.

Экспертлардан фойдаланинг

Ҳамма нарсани билиш – имконсиз. Сизнинг ишингизда сиздан кўп нарсани биладиган экспертларга мурожаат қилишдан уялманг. Кўплаб муваффақиятли тадбиркорлар бошлаётган одамларга маслаҳат беришни яхши кўришади, бундан фойдаланинг. Шундай одамларни ўз тарихингиз билан қизиқтира олишингиз муҳим, биринчи навбатда, руҳий жиҳатдан.

Манбаа: kun.uz

×