Иқтисодий ислоҳотлар – мамлакат тараққиётининг муҳим омили
Ўзбекистонда хорижий сармоядорлар, чет эл капитали иштирокида тузилган корхоналар фаолиятини рағбатлантириш учун кенг кўламли ҳуқуқий кафолат, имтиёз ва имкониятлар яратилган. Мамлакатимизда амалга оширилаётган ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларга бағишлаб Тошкентда ўтказилган халқаро анжуманда ана шу ҳақда сўз юритилди.
Тадбир Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Халқаро муносабатлар, ташқи иқтисодий алоқалар ва хорижий инвестициялар ва туризм масалалари қўмитаси, Ташқи ишлар вазирлиги, Савдо-саноат палатаси томонидан ташкил этилди.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати раисининг биринчи ўринбосари С.Сафоев, Савдо-саноат палатаси раиси ўринбосари вазифасини бажарувчи А.Икромов, Иқтисодиёт вазирлиги бошқарма бошлиғи Д.Абдуазизов ва бошқалар мамлакатимизда тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлашга хизмат қиладиган мустаҳкам ҳуқуқий асос яратилганини таъкидлади. Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2016 йил 5 октябрдаги “Тадбиркорлик фаолиятининг жадал ривожланишини таъминлашга, хусусий мулкни ҳар томонлама ҳимоя қилишга ва ишбилармонлик муҳитини сифат жиҳатидан яхшилашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ва 2016 йил 26 октябрдаги “Эркин иқтисодий зоналар фаолиятини фаоллаштириш ва кенгайтиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармонлари хусусий мулкни ҳуқуқий ҳимоя қилишни кучайтириб, кичик бизнес ҳамда хусусий тадбиркорликни ривожлантириш учун қулай шароитлар яратди, юртимизнинг инвестициявий жозибадорлигини янада ошириш борасидаги чора-тадбирларни аниқ белгилаб берди.
Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш борасида амалга оширилаётган чора-тадбирлар самарасида ушбу секторнинг мамлакат ялпи ички маҳсулотидаги улуши 54,6 фоиз, саноатда 43,8, экспортда 31,8 ва инвестицияларда 38,3 фоизгача ошди.
Анжуманда Ўзбекистонда ишбилармонлик муҳити ва инвестициявий жозибадорликни янада яхшилаш, хорижий инвесторлар ва чет эл капитали иштирокида ташкил қилинган корхоналар ҳуқуқларини ҳимоя қилишга оид қонунчиликни такомиллаштириш, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари фаолиятига давлат органлари аралашувини тубдан қисқартириш, ташқи иқтисодий фаолиятни юритиш учун тартиб-таомилларни янада қисқартириш, сайёҳлик соҳасини жадал ривожлантириш мавзуларига бағишланган маърузалар тақдим этилди.
Тадбир иштирокчиларига юртимизда хорижий инвесторлар ва уларнинг ҳуқуқлари ва маблағини ҳимоя қилиш бўйича яратилган шароитлар, иқтисодиётимизнинг халқаро ҳамкорлик учун жозибадор бўлган муҳим ва ривожланаётган тармоқлари тўғрисида батафсил маълумот берилди.
– Биз бугун кўплаб қизиқарли маълумотларга эга бўлдик, – дейди Ҳиндистоннинг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси В.Кумар. – Ўзбекистонда хорижий сармояни жалб қилиш учун қулай инвестиция муҳити ва шароитлар яратилган. Айни пайтда юртингизда Ҳиндистоннинг юзга яқин компанияси фаолият кўрсатмоқда.
Манбаа: uza.uz