Пиерре Омидяр (Ebay асосчиси)
Муваффақият сири
26-11-2017 1689
Пиер Омидярнинг муваффақият тарихи
Америкалик тадбиркор Пиер Омидяр асли Франсияда туғилган Эрон фарзанди бўлиб, "eBay" интернет ауксионининг асосчиси ва бошқарувчисидир. Онлайн савдо-сотиқни муваффақиятли йўлга қўя олган Омидяр 31 ёшида миллионерга айланди. Бугунги кунда бутун дунёдаги тижорий ва нотижорий ташкилотларга беғараз молиявий ёрдам кўрсатиб келаётган Network инвестиция тизими Пиернинг ўз рафиқаси Памела Омидяр билан ҳамжиҳатликда яратган ғояси ҳисобланади.
Болалиги
Омидяр 1967 йил Париж шаҳрида дунёга келди. Мактаб даврида унинг компютерларга қизиқиши шу даражага етдики, компютер хонасида кўпроқ ўтириш учун ҳатто жисмоний тарбия дарсидан ҳам воз кечиши мумкин эди. Компютерларга бўлган кучли иштиёқини пайқаган мактаб директори унга кутубхона карточкаларини тартибга соладиган электрон программа яратишни таклиф қилди. Бу Омидярнинг илк даромади бўлиб, соатига 6$ ни ташкил қиларди.
Мактабни тугатгач Массачусетц штатидаги Тафтс Университетига ўқишга қабул қилинди. Ўқиш даврида у Macintoshнинг компютер хотирасини яхшилашга доир лойиҳаларида иштирок этди. Кейинчалик у "Chareware" лицензияси остида дастурий таъминот ишлаб чиқди, бироқ ундан тушган маблағ почта харажатларинигина зўрға қопларди.
Университетни компютер ихтисослиги бўйича тугатган Омидяр "Apple" корпорациясига қарашли Cларис компаниясида ишлай бошлади. Кўп ўтмай у учта ўртоғи билан биргалашиб ручкаларни компютерлаштириш лойиҳаси устида иш бошлади. Гарчи компютерлашган ручкаларга сезиларли талаб бўлмаган бўлсада, Омидяр асос солган “eShop” илова вебсайти Microsoft томонидан сотиб олинди.
Иш фаолияти
1994 йилда Омидяр Генерал Магиc дастурий таъминот компаниясида ишлар экан, вебсаҳифалар дизайни билан шуғулланиб қўшимча даромад топарди. Айтишларича Омидярнинг қайлиғи (кейинчалик рафиқаси) Памела Пез диспензерлари (ширин конфетларни тақсимлагич) билан савдо қилар экан, харидор топишга қийналаётганидан шикоят қилади. Узоқ ўйлаб ўтирмай Омидяр ўзининг шахсий вебсайтига онлайн ауксион иловасини қўшиб қўяди. Бу Памелага онлайн савдо-сотиқ олиб бориш ва бошқа коллексионерлар билан мулоқотда бўлиш имконини яратиб беради.
"AuksionWeb" (кейинчалик eBay) илк бор 1995-йилда ҳар хил нарсаларни сотиш ва сотиб олишга хизмат қилувчи форум сифатида иш бошлади. Эбайнинг илк кўринишида можароларни ҳал қилиш, адолатсизлик ёки фирибгарликнинг олдини олишга қаратилган дастурлари мавжуд эмас эди. "eBay" орқали сотилган илк маҳсулот ҳам Памеланинг диспензери эмас балки бузуқ лазер таёқчаси бўлган.
Сайт иш бошлаганидан уч ой ўтиб Омидяр дўсти Жефф Сколлдан хавфсизлик ва адолатни таъминловчи дастурларни илова қилишга ёрдам беришини сўраб мурожаат қилди. Сайтнинг оммалашиб кетаётгани уни ҳайратга солди ва у секин-аста ҳар бир сотилган маҳсулотдан устама ҳақи ҳам ола бошлади. АуксионWеб жуда тез оммалаша бошлади ва 1996-йилнинг ўрталарига келиб сайт орқали ҳар куни 800, 000 та ауксион амалга ошириладиган бўлди.
1997-йилда сайтни қайта ислоҳ қилиш жараёнида Омидяр янги ЭкоБай номини танлади, бироқ бу ном аллақачон сотиб олингани маълум бўлгач шунчаки эБай деб номлаб қўя қолди. 1998 йилда сайт яратилганидан атига уч йил ўтиб, янгиланган эБай онлайн савдо сайти Омидяр ва Сcоллни миллиардер даражасига олиб чиқди. Ҳозирда Пиер Омидярнинг маблағи 10, 1 миллиардни ташкил қилмоқда.
Унвонлари
2011 йилда Пиер Омидярга Тафт Университетининг Фахрий Докторлик унвони тақдим этилган.
×