Пулни бошқаришнинг энг яхши 4 усули (биринчи мақола)

Стратегия 25-09-2021 2644

Биринчи усул - Кирим-чиқимларингизни ёзиб бориш

Пул мақсадларингизга эришиш учун восита ҳисобланади. У оилангиз учун қулай ижтимоий муҳит ва барқарор турмуш шароити яратишда, келажак учун режалар тузишни осонлаштиришда ва узоқ йиллик мақсадларингиз учун маблағ жамғариб боришингизда муҳим рол ўйнайди.


Пулни сиз учун ишлашга мажбур қилиш нима дегани?

Бу маблағларингизни назорат қилишингиз, кейин ана шу назоратдан молиявий барқарорлигингиз ва хавфсизлигингизни мунтазам яхшилаб боришингиз учун фойдаланишдир.

Бу билан сиз молиявий мустақилликка эришишингиз ва сармоя киритиш орқали бойлик ҳам тўплашингиз мумкин бўлади. Бироқ пулингиз қаёққа сарфланаётгани ва ундан фойдаланиш йўллари ҳақидаги тушунчаларга эга бўлмай туриб юқоридаги жиҳатларнинг бирортасида ижобий натижага эришиш мушкул.

Кирим-чиқимларингизни ёзиб боришни ўрганинг
Бу усул пулингизни назорат қилиш тарзини ўзгартирувчи асосий усул ҳисобланади.
Қачонки сиз харажат ва даромадларингизни ёзиб борсангиз, пулларингиз қаердан келаётгани ва уларни қаерга сарф этиш мақсадга мувофиқ эканлигини билиб оласиз. Яъни пулингизни режасиз сарфлаб юборганингиздан кўра, уни ўзингиз хоҳлагандек тасарруф қила оласиз.


Бу муҳим: кирим-чиқимлар рўйхатини тузишдан мақсад топаётган пулингиздан камроқ пул сарфлашдир.
Сиз бюджет дафтарчасидан қуйидагилар учун фойдаланишингиз мумкин:
- Харажатингизни қисқартириш
- Пулларингиз қаерга кетаётганини билиш
- Кераксиз харажатлардан сақланиш
- Қарзларингиздан қутулиш
- Яна қарз олишдан эҳтиёт бўлиш
- Аҳамиятли бўлган ўринларга пул ажратишни қадриятга айлантириш
- Қора кунга пул жамғариб қўйиш
Албатта, молиявий қайдларни ёзиб бориш бир ойда бир марта қилиб қўядиган иш эмас. Бу сиз ҳар куни бажарадиган кундалик вазифангизга айланиши керак. Сиз катта харажатларга тайёр туриш ёки кунлик чиқимларингиз учун "кунлик ҳисобот"ларни ёзиб боришингиз мумкин.

Агар қанча маблағингиз борлигини билсангиз, сиз уни қаёққа саранжомлашни ҳам биласиз. Қачонки эҳтиёт бўлиб харажат қилсангиз, молиянгизни назорат қила оласиз. Бу пулларингиз сизни бошқаришидан кўра, шубҳасиз, яхшироқдир.
Давоми бор...


Манба: "thebalance.com" нашри

Қобилжон Собиржон ўғли таржимаси

×