Тасаввурга сиғмайдиган технологиялар Ўзбекистонда
Тошкентда бўлиб ўтган М2М технологиялари бўйича учинчи Халқаро бизнес анжуманида АКТ соҳасида фаолият юритувчи 250 дан ортиқ маҳаллий ва хорижий олимлар, мутахассислар иштирок этди. Анжуманда М2М технологиялари ва «IoT» ашёлар интернети соҳаларидаги замонавий тараққиёт тенденциялари, илмий тадқиқотлар ва сўнгги ишланмалар муҳокама қилинди.
Ўзбекистон Республикаси ахборот технологиялари ва коммуникцияларини ривожлантириш вазирининг биринчи ўринбосари О.Умаров, «Ucell» компаниясининг бош директори Т.Грюнберг ва бошқалар Ўзбекистонда халқаро консалтинг ва IT-компаниялари билан ҳамкорликда рақамли иқтисодиётни ривожлантириш стратегияси ишлаб чиқилаётганини таъкидлади. Стратегияда Ўзбекистонда келгуси беш, етти йил давомида рақамли иқтисодиётни ривожлантириш учун зарур комплекс чора-тадбирлар ва қарорлар ўз аксини топади. М2М технологиялари ва «IoT» ашёлар интернети мазкур лойиҳанинг муҳим унсурларидан бири бўлади.
Бундан ташқари, ушбу технологиялар "Хавфсиз шаҳар" концепциясини босқичма-босқич жорий этиш дастурини амалга оширишда муҳим аҳамият касб этади. Пойтахтимизнинг Сергели туманидаги мавзелардан бирида масофадан туриб бошқариладиган, маълумотларни автоматик равишда ишлайдиган ва қатор фойдали функцияларга эга замонавий smart-камералар ўрнатилди. Яқинда қабул қилинган "Хавфсиз туризм" концепциясини амалга ошириш дастури бу технологияларни Самарқанд, Шаҳрисабз, Бухоро ва Хива шаҳарларида жорий этишни кўзда тутади.
– Биз ҳам магистрал газ қувурларида, ҳам хонадонларда ишлайдиган табиий газ ҳисобини назорат қилувчи автоматлаштирилган тизимни жорий қилдик, – дейди «Ўзтрансгаз» АЖ хизмати бошлиғи ўринбосари Ф.Алиев. – Тизим масофадан туриб зангори олов транспортировкасини амалга оширувчи ва тартибга солувчи техник узеллар ҳисобини юритиш имконини беради. Бу, ўз навбатида, кўп жараёнларнинг автоматлашишига олиб келди. Қўйилган вазифаларга мувофиқ, газ ҳисоблагичлар ишини автоматик тарзда назорат қилиш мақсадида барча энг замонавий технологиялар ва тизимларни бирлаштирувчи янги тизим ишлаб чиқилади.
Манбаа: uza.uz