Уйдан ишлаб чалғимаслик борасидаги тавсиялар

Уйдан ишлаб чалғимаслик борасидаги тавсиялар

Ҳеч қандай ишга бориш ва келиш йўқ. Ҳеч қандай кутилмаган йиғилишлар. Ҳеч қанақа дресс-код. Масофадан ишлаш қандайдир орзудек кўриниши мумкин, токи унинг йўлида шахсий ҳаётингиз тўсиқ бўлгунга қадар. Идорада уни четлаб ўтиш осон, бироқ уйда шахсий ва ишчи вақт ўртасида чизиқ чизиш бироз мушкул бўлади. Вақтни тақсимлаш бўйича маслаҳтчи ва шу ҳақидаги китоблар муаллифи Элизабет Грейс Сондерс Harvard Business Review'да шу мавзудаги мулоҳазалари билан бўлишди.

Тасаввур қилинг, лойиҳа устида иш қизиган вақтида сизга дўстингиз қўнғироқ қилиб қолди. Ишингизни тугатишингиз кераклигини яхши тушунасиз, бироқ гаплашиб олиш мумкин бўлса ҳам, мулоқотдан воз кечиш одобдан эмас. Ёхуд кундалик режани тузишда шахсий ишларингизни нима қилишни билмай қолган дамларингизни ёдга олинг. Кун ярмида кир ювиш машинасини ишга тушириш кўп вақт олмайдигандек туюлади, бироқ бунга фақат кун охирлаганда вақт топилади. Охир-оқибат қачон банд, қачон бўш бўлишингиз тушунарсиз.

12 йил давомида бошқаларга вақтни тақсимлаш борасида тавсия бериб, масофадан ишловчи инсон сифатида мен яхшини ҳам, ёмонни ҳам, даҳшатлисини ҳам кўрдим. Менинг кузатувларимга кўра, энг ташкилий ва самарали ходимлар ўзларига ўзлари чегара белгилашади. Бу уларга ўз вазифасини муваффақиятли бажариш имконини берди.

Элизабет Грейс Сондерс масофадан ишлаш натижаларини янада самарали ва ёқимли қилишга доир бир неча тавсияси билан бўлишди.

Ишчи соатларни белгилаб қўйинг

Бу ғалати эшитилиши мумкин, бироқ диққатни жамлаб ишлашни истасангиз, "уйдан ишламаяпман" деб тасаввур қилинг. Тайм-менежмент бўйича коуч бўлишимга қадар ишчи жадвалимда хаос ҳукм сурган. Компьютерда иш бошлайдиган вақтим аниқ бўлмаган, мен кўпинча кундузи учрашувларни ташкиллаштирар ёки шахсий ишларим билан шуғулланардим. Шахсий ҳаётимда аниқ вақт чекловлари бўлмагани боис ишимда ҳам шундай эди. Уйда бўлиб туриб, тез-тез почтамни текширмасам, виждоним олдида ўзимни айбдордек ҳис қилардим. Ўзимни ҳақиқий ҳордиқ чиқариш учун нолойиқдек ҳис қилардим.

Уйдан ишлаш учун "хизмат соатлари"ни аниқ белгилаб, бу вақт оралиғида нима мумкину нима мумкин эмаслигини режалаштирганимдан сўнг барчаси ўзгарди. Ўзимга ўзим савол берардим: "Идорада бўлганимда шу ишни қилган бўлармидим?" Агар жавоб инкор маъносида бўлса, буни белгиланган вақтгача ёки ундан кейин бажаришим кераклигини билардим. Уй ишлари, ҳар хил бошқа ишлар ва дўстлар билан учрашувларни ишдан ташқари соатларга кўчиришга тўғри келди. Баъзан тушлик вақтида қўнғироқларга жавоб беришим мумкин эди, албатта. Агар машинани таъмирлашдек шошилинч иш чиқиб қолса, уни ҳам кундузги пайтга белгилашим мумкин бўларди. Бироқ бу қоидадан истисно бўларди, холос. Чегараларни аниқ белгилаб, нафақат иш учун аниқ вақт белгилардим, балки ишдан ташқари вақтларда бемалол шахсий ишларим билан шуғулланардим ва бунинг учун виждоним қийналмасди.

Ишчи кунини самарали қилиб режалаштиринг

Ишчи кунни тўғри ташкиллаштириб, самарадорликни максимал даражага етказиш мумкин. Масалан, агар ҳафтасига бир марта ёки заруратга қараб уйдан ишласангиз, бу вақтда учрашувлардан воз кечинг. Улардан воз кечишнинг имкони йўқ бўлса, ҳеч бўлмаганда ярим кунингизни фақат ишга бағишланг. Ўз кучингиз ва режалаштирилган учрашувлардан келиб чиқиб, бунинг учун энг қулай вақтни танланг.

Кейин шу вақтда бажармоқчи бўлган бир ёки икки вазифани белгиланг. Бу бир ёки бир неча соат узлуксиз меҳнатни талаб қилувчи ёхуд нисбатан ижодий ва стратегик фикрлашга ундовчи вазифалар бўлиши мумкин. Вақтинчалик электрон почтадан воз кечиш ҳам фойда беради ёки ҳеч бўлмаганда, соатига бир мартадан ортиқ чалғимаслик керак. Ҳамкасбларингизни вақтинчалик алоқа воситаларидан йироқ бўлишингиз ҳақида огоҳлантиринг, шунда улар сиздан узоқ вақт жавоб кутиб қолишмайди.

Атрофдагилар учун чегара белгиланг

Саъй-ҳаракатларингиз зое кетмаслиги учун дўстларингиз, қариндош-уруғларингиз ва танишларингизга уйдан туриб ишлайдиган кунлар - бўш кунлар эмаслиги, шу боис улар бошқа машғулотларга тўғри келмаслигини тушунтиринг. Масалан, уйда яқинларингиз билан қолсангиз, шундай дейишингиз мумкин: "Бугун соат 8:00дан то 17:00га қадар компьютерда ишлашни режалаштирганман. Тушлик устида гаплашишимиз мумкин, қолган пайт банд бўламан". Шу билан бирга, уйда ўзингиз ёлғиз ишлашингиз мумкин бўлган бурчакка эга бўлиш тавсия қилинади.

Кутилмаган меҳмонлар ташриф буюрган тақдирда, дипломатик муносабатда бўлинг

Қўшнингиз чиқиб қолдими? Худди ишхонада ҳамкасбингиз мурожаат қилгандек тасаввур қилиб, икки дақиқа ажратинг. Бироқ уни қаҳва ё чой таклиф қилиб, узоқ муҳокамаларга чорламанг. Бунинг ўрнига мулойимлик билан "Сиз билан суҳбатлашганимдан хурсандман, лекин ишимни тугатишим керак" денг ва ишдан ташқари вақтга ёки дам олиш кунига учрашув белгиланг.

Охир-оқибат барибир иш билан боғлиқ бўлмаган нарсани ҳал қилишингиз керак бўлса, ишчи жадвалингиздан бунга тўғри келувчи вақт ажратинг. Масалан, оила аъзоларингиз уй ишларига ёрдам беришни сўрашса, фақат тушлик вақтида кўмак бера олишингизни айтинг. Вазифаларни "бўлаклар"га бўлиб бажариш ҳам мумкин. "Кийимларни кимёвий тозалашдан олиб келишим мумкин, лекин маҳсулотлар хариди эртангига қолади", дейиш мумкин.

Вақтга доир чекловларни узр сўровчи оҳангда изоҳлаш керак эмас. Ўз шарт-шароитларингизни далиллардан келиб чиқиб баён қилинг, масофадан ишлаётган вақтингизни идорадаги иш каби қадрланг. Фаолиятингиз давомида изчилликка риоя қилсангиз ва ўз ваъдаларингизга вафо қилсангиз, атрофдагилар сизнинг шарт-шароитларингизни қабул қилишади ва диққатни жамлашни талаб қиладиган ишларингизга кўпроқ вақт ажратилади.

Манбаа: kun.uz

×