Яхши йўлбошчининг 40 сири: Қўрқитиб ишлатиш маданияти қулдорлик тизими вақтидагина самарали бўлган
Йўлбошчи (лидер) компаниянинг ривожланиш йўналиши ва мақсадини белгилаб беради, жамоани илҳомлантиради, бирлаштиради ва равнақ топтиради, деб ёзади ишбилармон ва бизнес-мураббий Ваче Давтян.
1. Статуснинг бузилиши — ҳаёт учун таҳдиддир. Нега йўлбошчиларнинг 90 фоизи бахтсиз? Чунки улар доимо статус учун курашда яшашади. Статус — ҳар қандай инсоннинг энг ҳимоя қилинадиган нарсасидир. Статусга дахл қилиниши ҳаётга таҳдид билан тенглаштирилади. Қадимги замонларда, ўрни баландроқ эркаклар гўштнинг каттароқ бўлаги ва энг яхши аёлларга эгалик қилган. Статуснинг бузилиши эса қабиладан қувилиш ва оч-наҳор ўлишни билдирган. Шунинг учун жамиятдаги ўрнимиз яшаш учун курашга ўхшайди — статусим қанча баланд бўлса, шунчалик муваффақиятли яшайман.
2. Доим статуси учун курашаётган йўлбошчи — кучсиз йўлбошчи. У инсонларни таҳқирлаб, микро-менежмент билан машғул бўлади ва компания вазифаларини ечишга улгурмайди. У доимо ўзаро статус талашувчи ожиз инсонларни йиғиб олади. Алал-оқибатда зиддиятлар юзага келади ва компания узоқ муддатли режада муваффақиятли бўла олмайди.
3. Йўлбошчи — илҳомлантиради, менежер — рағбат уйғотади. Йўлбошчи компаниянинг йўналиш ва мақсадларини аниқлаштиради, жамоани илҳомлантиради, бирлаштиради ва ривожлантиради. Менежер инсонларнинг ютуқларини режалаштиради, ташкиллаштиради ва назорат қилади, шунингдек, компанияда рағбатлантириш тизимини яратади.
4. Раҳбарда йўлбошчилик менежерлик сифатларининг қандай пропорцияси бўлиши керак? Ҳар қандай инсонда ҳам йўлбошчи, ҳам менежерлик хусусияти бўлади. Оддий ходимда бу нисбат 90 фоизга 70 фоиз бўлмоғи керак. Инсон раҳбарлик лавозимига кўтарилганида пропорция 50 га 50 бўлади. Олий тоифали раҳбар — 70 фоиз йўлбошчи ва 30 фоиз менежер бўлади.
5. Ташкилот — йўлбошчининг кўзгуси. Агар ташкилотингизда сизга нимадир ёқмай бошласа, кўзгуга қаранг. Доимо сабабларни ўзингиздан изланг, ташқаридан эмас. «У ёлғончи» дея кўрманг, «нега мен ўзимни алдашларига йўл қўйиб бердим», денг.
6. Энг катта хатолардан бири энг яхши профессионалнинг йўлбошчи қилиб тайинланишидир.Энг яхши сотувчи — раҳбар, энг яхши логист — раҳбар бўлади. Аслида, йўлбошчига мутлақо бошқа сифатлар керак! Йўлбошчи ўз касбининг энг яхшиси бўлиши керак эмас.
7. Йўлбошчи жамоа яратади, ходимларни бирлаштиради. Бу нима, энг яхши сотувчининг сифатларими? Йўқ, бу мутлақо бошқача сифат! Менинг ҳозирги ижрочи директорим савдо бўйича энг яхши менежер эмас, ҳолбуки у савдо қилишни билади. Биласизми нега? У иш вақтининг ярмисини ҳамкасбларига ривожланишда ёрдам беришга сарфлар эди. У уларни ўргатарди, шунинг учун раҳбар бўлиб етишган.
8. Йўлбошчи келажакни кўра олади. Менежер эса йўлбошчидан келажакни «суғуриб олади» ва уни амалга оширишни режалаштиради.
9. Кабинетдан кўпроқ чиқиб туринг. Одамлар билан кўпроқ мулоқот қилинг. Менинг отам Арманистонда завод директори бўлиб ишлаган лекин у ҳеч қачон кабинетда ўтирмаган. У завод бўйлаб юрган, ҳамма билан суҳбатлашган, муаммоларни ўрганган. Менинг компаниямда «кабинетларсиз» принципи мавжуд: барча раҳбарлар жойларда ўз одамлари билан бирга бўлишади, бу эса уларга вазиятни теранроқ англаш ва тезда масалаларни ҳал қилишга ёрдам беради.
10. Рағбатлантириш вагонларни бўшатишда яхши иш беради: битта вагонни бўшатсанг бир миллион бераман, учтасини бўшатсанг — уч миллион, каби. Инсон эса туни билан учта вагонни бўшатади, чунки унга шу уч миллион керак, шунга эҳтиёжи бор. Ижодий ишларда рағбатлантириш мутлақо аксинча таъсир қилади. Рағбатлантира бошладингми — креативлик йўқола бошлайди. Бир қизиқ тадқиқотга кўра, инсонларга кроссворд ечгани учун пул тўлай бошлашганда улар вазифани ўзлари севиб еча бошлаганидан кўра ёмонроқ уддалай бошлашган.
11. Инсонга икки баробар кўпроқ ҳақ тўлай бошланг, 2-3 ойдан сўнг у менга етарли маош тўлашмаяпти, деб ҳисоблай бошлайди. Илҳомлантириш, чоғлантириш, бир мақсад йўлида бирлаштириш — моторни бутун умрга ўт олдиради.
12. Чоғлантиришга энг катта таъсир ўтказувчи нарса — инсонлар ўзига нисбатан адолатсизлик ҳис қила бошлаганда рўй беради. Инсон уни эшитишмаётгани, уни одам ўрнида кўришмаётганини англай бошласа, унинг тарвузи қўлтиғидан тушади ва сен шу ғояни янчиб ташладингми, ўзинг уни ҳаётга татбиқ қил, дейди.
13. Миямизнинг 96 фоизи — ҳайвоний ибтидодан иборат. Бундан ташқари, ғоваксимон кулранг модда ҳам борки, у миянинг 4 фоизини эгаллаган рационал қисми ҳисобланади. Мана шу нарса бизни ҳайвонлардан фарқлаб туради.
14. Ҳар қандай яхши ечимлар инстинктга қарши бўлади. Биз айни пайтда қилишни хоҳлаётган нарсамиздан бошқасини қилсак ютамиз. Кимнингдир статусини тушириш истаги пайдо бўлганида, кўпгина ҳолатларда, аксинча уни ошириш самаралироқ ҳисобланади.
15. Баҳс — доимо статуснинг бузилиши ва унинг ҳимоясидир. Баҳслар ҳеч қачон оқилона бўла олмайди.
16. Йўлбошчи инстинктларга асосланмасдан ҳаракат қилади. Хавф туғилган чоғда инсоннинг учта базавий реакцияси — ҳужум қилиш, қочиш ва сезиб қолмасликлари учун ичакдек чўзилиб ётиб олишга жавоб берувчи мия қисми — миячаси ишга тушади. Қандайдир бир вазиятни биз ҳаётимизга таҳдид сифатида қабул қилса, миямиз жамики ресурсларини яшаб қолиш учун миячага сарфлайди. Миянинг бошқа қисми эса ўчади. Ҳеч эътибор берганмисиз, ҳис-ҳаяжонли баҳслар чоғида ўн йиллаб бирга ишлаган, кўзингиз тушган нарсалар ва инсонларнинг исмини эслай олмай қоласиз? Сиз ё ҳужум қилишни ё кетишни хоҳлайсиз, ёки ҳеч нарса қилолмасдан қотиб қоласиз. Шу боис йўлбошчи инстинктларга асосланиб иш кўрмаслигингиз керак. Аввало тинчланиб олиш керак.
17. Бировлардан ўзингизга раво кўрмайдиган муносабатни бошқаларга қилманг. Аксинча. Бошқалар сизга қандай муносабатда бўлишини истасангиз, сиз ҳам уларга шундай муносабатда бўлинг.
18. Инсонлар ўзгаришларни ёқтиришмайди. Биз номаълумликни хавфга менгзаймиз. Йўлбошчи компанияда ўзгаришлар амалга ошира бошласа, янгиликнинг маъниси ва фойдаси нималардан иборат эканлигини бир неча бор батафсил тушунтириб бериши керак. Мен шундай вазиятларга гувоҳ бўлганманки, баъзи компанияларда уч ой мобайнида жиддий ўзгаришлар бўлишини айтиб келишгани, лекин айнан қандай ўзгаришлар юз бериши яширилганида одамлар шунчаки ишдан бўшаб кета бошлашган. Чунки ҳеч ким ҳам доимий таҳлика ва асабийлашиш исканжасида бўлишни истамайди.
19. Инсонларни жаримага тортманг! Мен шу пайтгача жаримага тортилган ва ўзини адолатли ва ҳаққоний жаримага тортилган деб билувчи бирорта инсонни кўрмаганман. Жарималар — бу деструктив восита. Агар инсон сизнинг ходимлар критерийингизга тўғри келмаса, «сизники» бўлмаса, уни ушлаб туришдан не фойда? Агар тўғри келсаю, адашса — уни жазолашдан не наф? Чоғлантириш асосида ишланг, инсонларни тўғри танланг, «сизники бўлмаган» ходимларни жаримага тортиб, уларнинг янада кайфиятини ўлдиришга сабабчи бўлманг.
20. Қўрқув қанчалик кўп бўлса, шунчалик иштирок, ишонч ва масъулият кам бўлади. Қўрқитиб ишлатиш маданияти қулдорлик тизими вақтида самарали бўлган, ҳозир у компанияга муваффақиятли бўлишга халақит беради ва ривожланишни секинлаштиради.
21. Йўлбошчи «хато қилиш ҳуқуқи»ни беради. Ҳеч иш қилмаётган одамгина хатога йўл қўймайди. Шунинг учун бир муваффақият учун ўнлаб хатоларга йўл қўйилади. Бу ҳолатда компанияда хато ва совуққонлик (масъулиятсизлик) ўртасидаги фарқ аниқлаб олиниши керак.
22. Яхши йўлбошчига эга компанияларда Лосада коэффициенти юқори бўлади. Агар компания ичида ижобий ва салбий фикр-мулоҳазалар 3 га 1 нисбатдан кам бўлса, бундай компания узоқ муддатли режада доимо муваффақиятсиз саналади. Тадқиқотларга кўра, энг муваффақиятли компанияларда 1 салбий фикрга 6–8 ижобий мулоҳаза тўғри келади. Бу кўрсаткичдан юқори бўлса яна бир ғаройиб ҳолат юзага келади — самарадорлик яна пасаяди, компания ичида 12та ижобий фикрга 1та салбийси тўғри келса ҳам бундай компаниялар зарарга ишлай бошлайди. Меъёридан ортиқ мақтов бўлган жойда аниқ кўзбўямачилик бўлади.
23. Йўлбошчи мақтайди ва ташаккур билдиради. Биз барчамиз табиатан ҳадиксираймиз. Қадимги замонларда бахтли инсонлар кўп ҳам яшашмаган. Уларда стресс гормони — кортизол даражаси паст бўлган. Улар бепарво ва бахтли алфозда ғордан чиқиб керишаётган пайтда биринчи бўлиб йиртқичлар ҳужумига дучор бўлишган. Шунинг учун омон қолган инсонларнинг жуда кўпчилиги жонсарак. Йўлбошчи эса шу жонсаракликни бошқаришда уларга кўмак бериши керак. Ходимларингизни митти муваффақиятларига ҳам эътибор беришга ҳаракат қилинг.
24. Уч нарса ходимни «ишга тушириш учун ёқади»: автономлик, мақсад сари йўналганлик ва профессионализм. Йўлбошчи ходимларига ишонади ва уларга қарор чиқариш эркинлигини беради. У ходимларига ўз олдларига мақсад қўйиш ва унга етишиш учун ёрдам беради.
25. «Муаммо» – энг салбий бўёқларда янграйдиган сўзлардан бири. Уни яхшиси «масала» ёки «савол» сўзлари билан алмаштирган маъқул. Яна бир салбий бўёқлардаги сўз — «йўқ». Мижоз нимани эшитади? «Йўқ, бўлмайди ҳам». Биз эса компаниямизда «йўқ» сўзини «бир ҳафтадан сўнг бўлади», «ўрнига бошқасини таклиф этишимиз мумкин» сўзларига алмаштирганмиз. Салбий сўзлардан яна «аммо, лекин, бироқ»лар бор, улар ўзи янграгунгача бўлган барча гапларнинг қадрини туширади. Apple компаниясида «аммо», «лекин», «бироқ» ўрнига «маълум бўлишича» ибораси қўлланилади.
26. Сўкинишни бас қилинг. Меъёрсиз лексика энергияни парчалайди. Ҳурмат билан муносабатда бўлиш — яратишга хизмат қилади.
27. Ходимларни сизлашни маслаҳат бераман. Мижозлар билан ҳам. Тадқиқотларга кўра, агар мижозларни «сен»ласангиз фойданинг 20 фоизидан қуруқ қолдим деяверинг.
28. Йўлбошчи баъзан кетади. Йўлбошчилик баъзида акс тасир кўрсатади, айрим ҳолларда «Бизга улкан миқдорда чизиб берган ғояларингизни амалга ошириш учун имконият беринг», деб сўрашлари мумкин. Мен компаниямда тизимли ишни ташкил қилиш кераклигини ва янги ғояларнинг доимий оқими халақит бераётганини англаганимда ярим йилга компанияни тарк этганман. Шунда ходимлар: «Ваче Гамлетович, қайтинг! Сиз ва энергиянгиз керак бўляпти», деб чақириб олишган.
29. Ўз вақтида биз автотураргоҳда раҳбариятнинг «ўз» жойи бўлмайди, деб келишиб олганмиз. Ҳар бир одам қаер бўш бўлса, ўша жойга машинасини қўяди. Автотураргоҳлардаги ўша алоҳида жойлардан шахсга сиғиниш бошланади. Германия ва Японияда энг самарадор иқтисодиётлар ҳукмрон. Германияда айланмаси ярим миллиард евро бўлган компания эгаси корпортаив ошхонада ўз ходимлари билан бирга тушликка навбатга туради. Унинг автотураргоҳда ўз жойи йўқ. У қаердадир баланд қаватда, ҳамманинг кўзидан панада кабинетида эмас, шу ерда, ҳамма билан бирга. Бундай компанияларда ходимлар ўзларини қандай ҳис қилишади? Албатта яхши ҳис қилишади, тўғрими?
30. Имкони борича барча ишларни ходимларингизга бўлиб беринг. Ўзингизга эса фақат шахсан ўзингиз қила оладиган ишларни қолдиринг. Ҳар куни бажариш учун 30 дақиқа вақт сарфлайдиган ишни бўлиб бериб, йилига қанча вақт иқтисод қилишингизни ҳисоблаб чиқинг. Вақтни эса бу ишни бериб юборишга сармоя қилинг.
31. Йўлбошчи зиддиятларни ҳал қилади. Зиддият рўй берганида инсонни тўлиқ эшитинг, сўнг унинг рақибининг нуқтаи назарини ўз сўзларингиз билан айтиб беринг. Шундан сўнг розилик берган барча нарсани санаб чиқинг. Сўнгра инсондан нима ўрганганингизни сўзлаб беринг. Ундан кейин нимадан норози эканлигингизни санаб ўтинг ва умумий ечим топинг.
32. Йўлбошчининг бош сифати — энергияси. Агар энергия бўлмаса — ҳеч нарсаси йўқ демак. Энергия — бу бензин. Капоти остида 1000 от кучига эга мотори бўлган, лекин бир томчи ҳам бензини бўлмаган Ferrari’ни тасаввур қилинг-а! Хўш, у узоққа бора оладими? Худди шунингдек, энергиясиз йўлбошчи нақадар улуғ ғоялар келмасин, ҳеч нарса ярата олмайди. Йўлбошчи шахсий энергиясининг юқори даражасини сақлашни ўрганиши керак. Шунингдек, инсонлар кун бўйи ғайратли ва бардам бўлиши учун шарт-шароитлар яратиши лозим.
33. Бизда барча кабинетларда компания миссияси ва мижозлар билан ишлашнинг уч қоидаси осиғлиқ турибди. Биринчи қоида: мижознинг манфаатини компания манфаатидан устун қўйиш. Иккинчи қоида: гарчи даромадларимизнинг пасайишига сабаб бўлса ҳам, мижозга доим ҳақиқатни айтиш. Учинчи қоида: фақат ўзимиз ваколатли бўлган масалалардагина маслаҳат бериш.
34. Компания қадриятлари нима? Сиз ходимларнинг юриш-туришлари қай тарзда бўлишини исташингизни билдиради. Сиз ростгўйликни тарғиб қилар экансиз, бу битта ҳолат. Агар сиз фойда учун «яшашни истасанг йўлини қил», дея юмшоқроқ қилиб шама қилсангиз, ходимларингиз алдай бошлайди ва мижозлар кетиб қолади, боз устига улар билан ишламанглар, деб бошқаларга ҳам айтади. Натижада, бир-бир ярим йилда мижозларнинг оёғи узилади. Агар сиз ходимга мижозни алдаш ҳуқуқини берсангиз, эртами-кечми у сизни ҳам алдай бошлайди.
35. Қандайдир бизнес-жараён учун бирданига икки киши жавоб бермоқдами — демак у учун ҳеч ким масъул эмас.
36. Бахт бу — ҳар бир инсоннинг ботиний талаби. Нимаики иш қилаётган бўлсангиз, бахтли бўлиш эҳтиёжидан келиб чиқмоқдасиз. Янги бизнесни нега очаётганингиз, янги телефонни нега харид қилаётганингиз, янги инсонлар билан нега танишаётганингиз ҳақида ўйлаб кўринг. Пировард натижада буларнинг барчасини ўзимиз ҳам бахтли бўлиб, ходимларимиз, яқинларимиз ва жамиятга янада баркамол ва бахтли бўлишлари учун кўмаклашиш учун қиляпмиз.
37. Йўлбошчи бахт маданиятини яратади. Бахтли компанияларда инсонлар 31 фоизга самаралироқ ишлашади, 66 фоизга камроқ оғришади, қўнимсизлик 51 фоизга, ишда ҳолдан тойиш 125 фоизга камроқ. Жараённи кузатиш ва компанияларга бахт маданиятини тараққий топтиришда ёрдамлашишнинг ўзи ҳам бир бахт.
38. Қачонки ниманидир тақиқласангиз, мутлақо тескари самарага эга бўласиз. Ходимларингиздан «кечикмаслик»ни эмас, ўз вақтида келишни, «касал бўлмаслик»ни эмас, доимо соғлом бўлишни сўранг.
39. Муваффақиятингиз биринчи навбатда сизнинг фикрлаш услубингизга боғлиқ. Тадқиқотчилар томонидан исботланган: атроф-муҳит ҳаётингизга бор-йўғи 10 фоизга таъсир кўрсатади. Ҳаётингизда содир бўладиган нарсаларга 90 фоиз ўзингиз таъсир ўтказасиз.
40. Қадриятларингизни аниқлаштириб олинг. Афсуски, қадимдан қадриятларимизнинг асосини кун кўриш қадриятлари ташкил этади. Қадриятлар феъл-атворга таъсир ўтказади, феъл-атвор эса ҳаётимизга. Агар сиз учун қадрият — ростгўйлик, ёки қадриятингиз — ёлғончилик, инсонларни алдаш бўлса, атрофингиздаги инсонлар мутлақо фарқли, сиз эса турлича воқеликда бўласиз.
Манбаа: kun.uz