Япониядаги тезюрар поездда 5G тармоғи

Хай-Теч 05-12-2017 1506
Япониядаги тезюрар поездда 5G тармоғи

Жанубий Кореянинг Samsung компанияси Япониянинг KDDI телекоммуникация компанияси билан биргаликда ҳаракатланаётган тезюрар поездда 5G тармоғи имкониятларини намойиш қилишни якунлади. Бунда маълумотлар узатиш тезлиги сониясига 1,7 Гбит.га етган.

Поезд Сайтама префектурасидаги бир-биридан 1,5 км узоқликда жойлашган иккита станция ўртасида 100 км/соатдан кўпроқ тезлик билан ҳаракатланган. Синов вақтида муҳандислар поезднинг вагонларидан бирида ўрнатилган 5G-роутер ёрдамида 8К сифатидаги роликни юклаб олишган ва поезд томида ўрнатилган 4К камера ёрдамида олинган роликни интернетга юклашган.

Синовлар 5G технологиясини тезюрар поездлар йўловчиларига алоқа хизматларини тақдим қилишда қўллаш мумкинлигини кўрсатган. “KDDI Samsung билан ҳамкорликда алоқанинг янги хизматлари учун имкониятни очди. 5G туфайли темир йўл хизматлари мутлақ янги босқичга кўтарилади. Вагонлар ва станциялардаги бугунги синовларнинг муваффақиятли кечгани 5G технологиясини тижоратлаштириш йўлидаги яна бир муҳим қадам бўлди”, деб айтган KDDI’нинг етакчи ижрочи директори Йошиаки Учида.

Учиданинг айтишича, KDDI 5G тармоғини 2020 йилдан ишга туширмоқчи ва Samsung билан бирга турли шароитлар, частота диапазонларида ва турли технологияларни қўллаб тадқиқотларни давом эттирмоқчи.

АҚШнинг Verizon мобил оператори Qualcomm билан бирга 2019 йил охиригача АҚШнинг 10 та шаҳрида 5G тармоғини ишга туширмоқчи. Европадаги биринчи тажрибавий 5G тармоғи Берлинда Deutsche Telekom ва Huawei компаниялари саъй-ҳаракатлари туфайли пайдо бўлган.

Манбаа: kun.uz

×