Очиқ маълумотлар базасида мобиль илова ва хизматлар

Ислохот 03-12-2017 1466

Давлат ва хўжалик бошқаруви органлари фаолияти шаффофлигини таъминлаш Ўзбекистонни янада ривожлантиришнинг муҳим шартларидан биридир. Давлат бошқарувига жорий этилаётган замонавий АКТлар аҳоли ва давлат органларининг ўзаро муносабати механизмини яратади, очиқ маълумотлар тарқалишига хизмат қилади.

Аҳолининг давлат органлари фаолиятига оид ишончли ва тезкор ахборотга бўлган эҳтиёжини қондириш мақсадида 2014 йил 5 майда қабул қилинган Ўзбекистон Республикасининг «Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида"ги қонунига мувофиқ, очиқ маълумотлар портали ишга туширилди. Унда Ўзбекистон Республикасининг турли ташкилот ва муассасалари фаолиятига оид маълумотлар тақдим этилган. Мазкур ахборотлар ихтисослашган ахборот ресурсида чоп этиладиган давлат ҳокимияти органларига оид очиқ маълумотлар янги йўналишдаги компаниялар ташкил этиш, дастурий маҳсулотлар яратиш, тадбиркорлик субъектлари фаолиятини кенгайтиришга хизмат қилади. Ўзбекистон Республикаси ҳукумат портали (www.gov.uz) доирасида амал қиладиган очиқ маълумотлар порталидаги давлат органлари фаолиятига доир маълумотлар жисмоний ва юридик шахсларнинг эркин фойдаланиши учун бепул тақдим этилади.

Ҳар йили очиқ маълумотлар асосида визуализация бўйича иловалар, хизматлар ва ечимлар ишланмаси бўйича «Open Data Challenge» танлови ўтказиб келинмоқда. Танлов янги, ҳамма учун қулай ва ижтимоий аҳамиятга эга инновацион иловалар ҳамда хизматлар яратилишига туртки бўлмоқда.

Жорий йилги танлов Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларни ривожлантириш вазирлиги, Тошкентдаги Инҳа университети, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи, "Электрон ҳукумат" тизимини ривожлантириш маркази, БМТнинг Ўзбекистондаги Тараққиёт дастури ҳамкорлигида ташкил этилди.

Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларни ривожлантириш вазирлиги маълумотига кўра, «Open Data Challenge 2017»нинг асосий тадбирлари жорий йил 30 ноябрдан 3 декабрга қадар Тошкент шаҳрида бўлиб ўтади. Айни пайтда очиқ маълумотлар порталида иштирокчилар онлайн-рўйхатдан ўтказилмоқда. Рўйхатга олиш ишлари жорий йил 24 октябрга қадар давом этади. Рўйхатдан ўтган танлов иштирокчилари АКТ ҳамда маълумотларни визуализация қилиш бўйича мамлакатимиз ва хорижий давлатларнинг таниқли мутахассислари томонидан ўтказиладиган махсус бепул тренинглар ва маҳорат сабоқларида иштирок этиши мумкин. Аҳамиятли жиҳати шундаки, лойиҳаларнинг барчаси бевосита танлов жараёнида ишлаб чиқилади.

Ҳакамлар ҳайъати намойиш этилган ҳар бир лойиҳанинг долзарблиги, бетакрорлиги, қўлланган технологик ечимлар ва интерфейснинг қулайлигига алоҳида эътибор қаратади. Ғолиблар уч номинация бўйича аниқланади: «Очиқ маълумотларга асосланган энг яхши ижтимоий лойиҳа», «Очиқ маълумотларга асосланган энг яхши бизнес лойиҳа», «Энг инновацион лойиҳа».

Ушбу номинациялар давлатимиз ва бутун дунёдаги дастурий маҳсулотлар бозорининг замонавий ривожланиш тенденцияларини ҳисобга олган ҳолда ишлаб чиқилган.

Манбаа: uza.uz

×