Samsung фойдаланувчиларни кафт бўйича аниқлаш тизимини патентлаштирди

Хай-Теч 08-12-2017 1515
Samsung фойдаланувчиларни кафт бўйича аниқлаш тизимини патентлаштирди

Замонавий смартфонларнинг аксариятида уларга киришни ҳимоялаш учун нафақат парол, балки биометрик сканерлар ҳам қўлланади. Қоидага кўра, бу бармоқ излари сканерларидир, бироқ баъзи компаниялар мураккаброқ тизимларни яратишмоқда. Мисол учун, Samsung баъзи смартфонларига кўз рангдор пардаси сканерини, Apple эса юзни 3D-сканерлашни жорий қилмоқда. Бироқ ростини айтганда, иккала тизимни ҳам бузиб кириш йўллари топилган.

Энди эса Samsung муҳандислари мобиль телефонлар учун фойдаланувчиларни аниқлашнинг ноодатий тизимини яратишга қарор қилишди. Samsung’нинг бу тизимга патент олиш учун берган аризасида айтилишича, муаллифлар фойдаланувчининг шахсини тасдиқлаш учун унинг кафтидаги чизиқлардан фойдаланишни таклиф қилишмоқда. Бироқ қайд қилиш жоизки, ушбу тизим қурилманинг ўзига киришга рухсат бермайди, балки унутиб қўйилган паролни эслашда ёрдам беради.

Фойдаланувчи паролни унутиб қўйса, у кафтини смартфон камераси уни суратга оладиган қилиб олдинга чўзиши керак. Агар смартфон хотирасидаги кафт тасвири суратдаги кафт билан бир хил бўлса, унда тизим паролни ноодатий тарзда экранда чиқаради. Паролдаги белгилар кафт суратига шундай тушириладики, белгиларнинг бир қисми бўлмайди, кафт чизиқлари эса белгининг етишмаётган қисми бўлиб хизмат қилади. Тақдим қилинган суратда ушбу тизим орқали эсдан чиққан паролнинг тасвирланишига мисол келтирилган.

Смартфон ёрдамида фойдаланувчилар шахсини тасдиқловчи ноодатий усуллар бор. Мисол учун, Yahoo муҳандислари бунинг учун фойдаланувчи қулоғини смартфон экранига босишни таклиф қилишган.

Манбаа: kun.uz

×