Топ-10: Стартаплар учун энг қулай шаҳарлар

Рейтинг 14-12-2017 1594
Топ-10: Стартаплар учун энг қулай шаҳарлар

Venture Beat дунёнинг энг муваффақиятли стартаплари ривожланаётган шаҳарларнинг йиллик рейтингини тузди. 2016 йилда Топ-10даги ўзгаришлар илк ўнликдаги ўринларнинг бироз алмашиши билан чекланган бўлса, 2017 йилда Берлин бу рўйхатни тарк этди, Шанхай эса бирйўла еттинчи позицияда намоён бўлди. Тўртинчи ўринни Лос-Анжелес ва Стокҳольм бўлишиб олишди. Пекин эса еттинчи ўриндан иккинчи поғонага кўтарилди ва бу ўринни Тель-Авив билан бўлишди.

Рейтингни тузишда 8 омил инобатга олинган: янги стартаплар экотизимларини молиялаштириш, муҳандислик истеъдоди, фаол менторинг, техник инфратузилма, стартапларнинг умумий маданияти, қонунчилик ва сиёсий инфратузилма, иқтисодий фондлар, шунингдек стартапларни ривожлантиришга йўналтирилган ҳукумат дастурлари. Шаҳарлар ҳар бир пункт бўйича максимал 10 балл тўплаши мумкин.

1. Кремний водийси (77 балл);
2. Пекин (66 балл);
2. Тель-Авив (66 балл);
4. Лос-Анжелес (65 балл);
4. Стокҳольм (65 балл);
6. Нью-Йорк (64 балл);
7. Шанхай (60 балл);
7. Сеул (60 балл);
9. Бостон (58 балл);
10. Лондон (54 балл).

Топ-10 рўйхатига кирмаган, бироқ катта умид бағишловчи давлатлар сифатида Париж, Сингапур, Чикаго ва Шэнчжэн қайд этилган.

Ўзгаришларнинг асосий сабаби Осиё бозоридаги венчур инвестициялар бўлди. Улар биринчи марта 19,3 миллиард долларга етиб, АҚШни (18,4 миллиард доллар) ортда қолдиришди. Тенденция учинчи чоракда ҳам давом этди: энг йирик 10 венчур инвестициянинг олтитаси Осиё стартапларига тегишли, буларнинг ярми Хитойда жойлашган.

Осиё нафақат янги технологиялар яратмоқда, балки уларни барчадан тезроқ муомалага киритмоқда.

Шуниси қизиқки, Хитойдаги қишлоқлар аҳолиси Шанхай ва Пекиндаги одамлардан тезроқ бойлик орттиради. Сўнгги 40 йилда иқтисодий бум Хитой мегаполисларини бойитди, бу вақтда эса мамлакатнинг катта қисми ночорлигича қолган. Энди янги технологиялар умумий бозорни кенгайтириб, шаҳар ва қишлоқ ўртасидаги тафовутни ўчириш имконини бермоқда.

Манбаа: kun.uz

×